Аёл кишининг тухум ҳужайраси ташқи қобиқ билан ўралган бўлади. Уни шаффоф қатлам (zona pellucida) дейилади. Уруғланган тухум ҳужайра, яъни эмбрион (аниқроғи бластоциста) бачадон шиллиқ қавати остига ўрнашиб олиши учун, яъни имплантация бўлиши учун бу шаффоф қатламдан халос бўлиши керак. Кўпинча эмбрион бу қатламдан халос бўлолмайди ва имплантация амалга ошмайди. Шунинг учун бу қатламдан халос қилиш учун ёрдамчи хетчинг (кесимта) муолажаси қилинади.
Бу муолажа уч хил усулда қўлланилиш мумкин:
− шаффоф қатламга Тироде ёки 0,5% ли проназа эритмаси орқали таъсир қилиш билан;
− микроманипулятор игнаси ёрдамида шаффоф қатламда кесимта очиш орқали;
− лазер нури ёрдамида шаффоф қатламда митти тешикча очиш орқали.
Ёрдамчи хетчинг учун кўрсатма бериладиган ҳолатлар:
− аввалги ЭКУ амалиётларидаги муваффақиятсиз имплантация;
− аёл ёшининг 38 дан юқори бўлиши;
− эмбрионлар орасида тузилиш таркибининг кўрсаткичлари яхши бўлмаганлари ҳам борлиги;
− қонда ФСГ гормонининг миқдори юқори бўлиши;
− музлатиб қўйилган эмбрион бачадонга кўчирилганда;
− шаффоф қатлам қалинлиги меъёрдагидан бошқача бўлганда.
Қисқача айтганда хетчинг – бу ЭКУ амалиётида эмбрион бачадонга кўчирилишдан олдин мазкур эмбрионни қоплаб турган шаффоф қатламда нуқтавий кесимта очиб, унинг бачадон ички шиллиқ қаватига мустаҳкам кириб олиши учун ёрдам беришдир.
Статистик маълумотларга қараганда хетчинг муваффақиятли имплантация эҳтимолини 50 % га оширар экан. Бу муолажа она ва туғилажак бола учун ҳам хавфсиз ҳисобланади. Хетчингни қўллаш масаласи ҳар бир пациент учун индивидуал тарзда шифокор кўрсатмаси асосида ҳал қилинади
Репродуктолог Жихангир ЧАКИЖИ