Главная
/
Мақолалар
/
Шифокор кўригига қандай тайёргарлик кўриш керак

Шифокор кўригига қандай тайёргарлик кўриш керак

АВВАЛО...

Одатда фарзандсизлик муаммоси билан келган пациентларнинг биринчи қабули 30−40 дақиқа давом этади. Албатта бу вақт касаллик ҳолатига қараб ўзгариши мумкин (келгуси қабуллар вақти бундан кам бўлиши аниқ, чунки асосий маълумот, касаллик тарихи мавжуд бўлади). Шунинг учун қабул вақтини олдиндан қўнғироқ қилиб белгилатиб олиш лозим. Белгиланган вақтдан бироз кечикиб кетса, ҳовлиқманг, чунки қабулда сизга ўхшаш пациент бор. Сиз ҳам кирганингиздан кейин сизни шошилтирмасликларини истасангиз бироз сабрли бўлинг.

Биринчи бор келишда шифокор қабулига албатта эр−хотин бирга келган маъқул ва албатта паспортингиз (ёки нусхасини) ва никоҳ гувоҳномангизни олишингизни унутманг. Ахир оилавий жуфтликни даволашдан аввал, шифокор сизларнинг қонуний эр−хотин эканингизни билиши керак. Паспортингиз эса рўйҳатга олиш ва тиббий карта очиш учун лозим.

Ундан ташқари шу пайтгача топширган таҳлилларингиз, даволанганингиз ҳақида маълумотлар ва тиббий кўрик хулосалари бўлса уларни ҳам олиб келишни унутманг.

Берадиган саволарингизни бир кун олдин қоғозга ёзиб тайёрлаб олсангиз адашиб кетмайсиз ва унутиб қўймайсиз.

Шифокор−репродуктолог ҳузурига келган деярли ҳар жуфтлик қуйидаги умумуий 4 та саволни беради:

  • бизнинг ҳолатимзда қайси даволаш усули энг самарали?
  • даволаш муддати қанча давом этади?
  • барча таҳлиллар, дорилар ва муолажа харажатлари қанчага тушади?
  • агар бу усул самара бермаса нима қиламиз?

Ҳақиқат шуки, айрим ҳолатларда бу саволларга шифокор пациентлар билан ҳатто ойлаб шуғуллангандан кейин, текширув, таҳлиллар, ҳамда препаратлар билан даволаш ўтказгандан кейин ҳам аниқ жавоб беролмаслиги мумкин. Бу бир жиҳатдан бевосита шифокорнинг малакасига ҳам боғлиқ эмас. Чукни бепуштликнинг сабаблари турлича ва ҳар бир организм ўзига хосдир. Зеро келган пациентларнинг бир қисми шу кунгача бошқа кўп жойларда ҳам даволанган бўлишади.

ИЛК ҚАДАМ

Шифокор−мутахассиснинг биринчи қабулдаги вазифаси пациентнинг йиғилиб қолган барча саволларига ойдинлик киритишдир. Бироқ бу биринчи суҳбатдаёқ ҳал бўлади деб ўйламаслик керак. Чунки катта эҳтимол, сизнинг ҳозиргача мавжуд таҳлилларингиз ташхис қўйиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Шифокор қўшимча таҳлил ўтказишга юбориши, УТТ текшируви қилиши, ҳайз циклининг маълум куни келиб яна бир текширув ўтказишни тайинлаши мумкин. Ёки қўшимча мутахассисга (уролог, андролог, эндокринолог, генетик, иммунолог, гинеколог−жарроҳ ва ҳ.к.) ҳам жўнатиши мумкин. Даволаш муолажалари бошлангунга қадар маълум вақт ва қўшимча кўриклар керак бўлишини ҳисобга олинг. Даволаниш мобайнида режалар ўзгариши мумкинлигини, ҳар бир организм ўзига хос экани сабабли олдиндан ҳамма нарсани аниқ айтиш қийинлигини инобатга олишингиз лозим.

 Шунинг учун илк қабулдаги суҳбат бу илк қадам саналади. Шифокор малакаси, дори−дармонлар, тиббий ёрдамчи технология муваффақиятнинг 50 фоизини ташкил қилади. Қолган 50 фоизи оилавий жуфтликнинг кайфияти, умиди, руҳий тайёргарлиги ва шифокорга бўлган ишончига боғлиқ. Агар пациент ҳадеб иккиланса, шифокорга шубҳа билан қараса, ишончсизлик руҳи ҳоким бўлса организм имкониятлари катта, таҳлил натижалари яхши бўлса ҳам натижа салбий бўлишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун оилвий жуфтлик мақсадлари йўлида шифокор билан ҳамкорликда ва ишонч билан ҳаракат қилишлари лозим бўлади.

ОИЛАНИНГ БИРГАЛИКДА ҚАРОРИ

Фарзандли бўлиш масаласида эр ва хотин биргаликда қарор беришлари керак. Агар фақат бирлари қарор берса−ю, жуфтлари фақат айтилганларни қилиб бориб, ижобий натижага интилмаса, бу мувффақиятлилик эҳтимоли пасайиб кетишига олиб келади. Шунинг учун ёрдамчи репродуктив технологияларни қўллаш борасида эр−хотин бафуржа масалаҳатлашиб олишлари, барча ижобий ва салбий ҳолатларни тарозуга солиб тортиб кўришлари ва биргаликда қарор беришлари керак бўлади. Ўзбек хонадонларида кўпинча бу ишга ота−она ва қайнота ва қайноналар ҳам аралашади. Майли уларинг ҳам маслаҳатини олиш мумкин, лекин қарор беришни ва жавобгарликни фақат эр−хотин ЎЗЛАРИ (ота−она ёки қайнона−қайнота эмас) зиммаларига олишлари керак бўлади.

ЭЪТИБОР БЕРИЛАДИГАН ЖИҲАТЛАР

Шифокорнинг саволларига аниқ ва рост жавоб беринг. Қачон ва қандай касалликларни бошдан кечирганингиз ва қандай даволанганингиз, қандай дориларни қанча муддат қабул қилганингиз ҳақида аниқ маълумотлар беринг.

Агар шифокор тиббий атамларнин ишлатаётган ва сиз уни тушунмаётган бўлсангиз, оддий тилда тушунтириб беришни сўрашдан уялманг.

Лаборатория таҳлиллари нимага кераклигини сўранг. Баъзилари ташхисни аниқлаш, баъзилари бошқа касалликлар билан дифференциал ташхис учун керак бўлади. Шифокор жавобига қараб унинг ростгўйлиги ва билими ҳақида баҳо беришингиз мумкин.

Агар шифокор сизниг саволингизга: “Билмайман”,- деб жавоб берса ҳайрон бўлманг. Бу тўғрисўз инсоннинг жавоби. Дунёда ҳеч ким ҳамма нарсани билмайди. Хато ва зиён келтирадиган жавоб бергандан кўра ўзини билмаслигини тан олиш яхши. Ҳаттоки энг яхши шифокор ҳам ҳамма саволга жавобни билмаслиги мумкин, лекин бутун умр ўқиб, ўз устида ишлайди.

Агар сизга ЭКУ усулида 100% ёки 90% натижа бўлади деса, билингки бу шифокор сизни алдаяпти. Энг ривожланган мамлакатлардаги статистикага кўра ҳам ЭКУ амалиётининг биринчи уринишда натижа бериш эҳтимоли 30−35% ни ташкил қилади. Албатта ёш ва бошқа омилларга кўра боғлиқ равишда ҳар бир жуфтлик учун бу кўрсаткич 10% дан 65% гача турлича бўлади. Аммо ҳеч қачон 100 фоиз бўлмайди.

ЯНА ҚУЙИДАГИЛАРНИ УНУТМАНГ

Даволовчи шифокор битта бўлиши керак. Қолганлар ёрдамчи ёки маслаҳатчи бўлиши мумкин. Улар фақат тавсия беради. Лекин бу тавсияларга амал қилиш−қилмаслик ҳақида даволовчи шифокор қарор беради. Ким қандай тавсия берса уни бажаришга шошилманг, даволовчи шифокор билан маслаҳатлашинг. Чунки у сизни кенг қамровли шаклда текшириб сизнинг индивидуал ҳолатингиз билан танишган, касаллик тарихингизни тўлиқ билади. Бошқалар фойдалидек кўринган тавсия берса ҳам, сизнинг организмингизга хос бўлган айрим томонларни ёки бирор бошқа омилларни ҳисобга олмаган бўлиши мумкин.

Муҳим маслаҳат!

Консультация вақтида телефонингиз диктофонини ёқиб суҳбатни тўлиқ қайд қилиб олинг. Бу сизга унунтган нарсаларингизни хотирлашга ва қайта шифокорга телефон қилиб уни безовта қилмасликка ёрдам беради.

Ҳеч қандай аппарат, таҳлил ёки текширув сизга ташхис қўйиб бермайди. Буларни кўриб чиқиб батафсил маълумот тўплагандан ва уларни сизнинг индивидуал ҳолатингизга қараб баҳолагандан кейинигина даволовчи шифокор якуний ташхисни қўя олади.

Шифокорингиз билан дўстона ва самимий бўлинг, шунда ўртадаги ошкоралик, касаллигингиз ҳақида батафсил маълумот тўплашга ёрдам беради.

Спиртли ичимликлар ичиш, сигарет, нос чекиш, гиёҳванд моддалар, психотроп дорилар, турли биологик фаол қўшимчалар (БАД) истеъмол қилиш−қилмаслигингиз ҳақида тўғрисини айтинг. Зеро мазкур омиллар барча даволаш чораларини йўққа чиқариши мумкин.

Қандай даволаш усуллари борлигини батафсил сўранг, балки сизнинг иқтисодий аҳволингизга боғлиқ эканини билгани учун шифокор уни сизга тавсия қилмаётган бўлиши мумкин.

Нималардан қўрқишингиз ва хавотирланишингизни очиқ айтишдан уялманг. Шунда шифокорнинг сизга далда бериши ҳам осон бўлади.

Шифокордан ташриф қоғозини (визиткасини) ёки мобил телефон рақамини олишни унутманг. Шуни ҳам эътиборга олингки, аксарият шифокорларнинг пациентлар мурожаати учун алоҳида рақамлари бўлади. Агар шундай бўлса, сиз ана шу рақамдан фойдаланинг. Унинг шахсий мулоқотлари учун ишлатадиган рақамига қўнғироқ қилманг.

ШИФОКОР-МУТАХАССИС ТАВСИЯЛАРИ

Ҳомиладор бўлиш ва уни сақлаб қолиб кейин соғлом туғиб олиш албатта осон иш эмас. Аммо маълум қоидаларга амал қилиб, режа асосида олиб борилса ҳаммаси енгил кечиши мумкин. Репродуктолог шифокорлар қуйидагиларни маслаҳат берадилар:

 - ҳомиладор бўлишни режалаштирилган вақтдан олти ой аввалдан соғлом турмуш тарзига кўра овқатланииш;

 - витамин ва минералларга бой озуқалар истеъмол қилиш;

 - чекиш ва спиртли ичимлик ичишдан бутунлай воз кечиш;

  - овуляция даврида анальгетиклар қўлланмаслик;

  - тана вазнини меъёрга келтириш;

  - турли биологик фаол қўшимчалар (БАД) истеъмол қилмаслик;

  - гинеколог текширувидан ўтиш;

 - сауна ва иссиқ ҳаммомлар сперма сифати ва ҳаракатчанлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, имкон қадар улардан узоқ бўлиш.

 - Е,С ва D витаминларга, селен ва рух моддаларига бой озуқалар эса сперма сифатига ижобий таъсир кўрсатишини инобатга олинса, шундай озуқалар истеъмол қилиш;

 - стресс, депрессия, асабийлашиш, жиззаки бўлиш каби салбий руҳий ҳолатлардан сақланиш ва хуш ҳамда мамнунлик кайфиятида бўлишга ҳаракат қилиш

ИШ ВАҚТИДАН ТАШҚАРИДА ШИФОКОР БИЛАН МУЛОҚОТ

Ўта зарур ва фавқулодда ҳолатларда албатта даволовчи шифокорингиз билан тўғридан−тўғри телефон ёки бошқа тармоқлар орқали жонли ўлароқ боғланиб маслаҳат сўранг. Бунга ҳаққингиз бор ва инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун, алабатта. Бундай ҳолатларга, масалан, турли шаклдаги қаттиқ оғриқлар, бадандаги кутилмаган ноқулайлик, меъёрда бўлмаган қон ёки ажрлама келиши, гормонал дорини вақтида қабул қилишни унутиш каби ҳолатларни айтиш мумкин. Ёки шифокорнинг ўзи айтишни тайинлаган ҳолатлар бўлса.

 Аммо масала у қадар муҳим бўлмаса, ижтимоий тармоқлар (телеграм, смс, электрон-почта...) орқали саволингизни ёзиб қолдириб жавобини кутинг. Шифокор албатта вақт топиб сизга жавоб йўллайди. Жавобни олишга ҳовлиқманг. Чунки уни ҳам ўзига яраша ишлари ва машғулотлари бўлиши мумкин.

 Агар таҳлил натижасини кўриб бериш зарур бўлса, ижтимоий тармоқлар орқали сифатли шаклда суратга олиб жўнатинг ва жавобини кутинг. Шифокор уйида ҳам бўш вақт топиб сизни саволингизга жавоб беради. Аммо сиз уни шоширманг. У қанчалик хотиржам бўлганда жавоб берса камроқ хато қилади. Уй ишлари билан банд бўлганда, меҳмонда, маъракада, кўчада ёки бозорда бўлганда сиз ундан жавоб беришни сўраманг.

 Агар иш вақтидан ташқарида қўнғироқ қилганингизда жавоб бермаса, ёки кейин қайтиб сизга қўнғироқ қилишни унутса, тўғри тушунинг. Унинг ҳам сиз каби инсон экани, физиологик, оилавий, руҳий эҳтиёжлари борлиги ва ўзига яраша ташвишлари бўлишини унутманг.

Саломат бўлинг...

Клиника гинекологи Нилуфар КАБИЛОВА тайерлади

 

Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Бешёғоч кўчаси, 42А
Обратная связь
это поле обязательно для заполнения
Телефон:
*
это поле обязательно для заполнения
Область ввода:
*
это поле обязательно для заполнения
Галочка
*
Спасибо! Форма отправлена
ON-LINE
консультация
это поле обязательно для заполнения
Telefon
*
это поле обязательно для заполнения
Kirish maydoni
*
это поле обязательно для заполнения
Галочка
*
Спасибо! Форма отправлена
Оставить заявку
это поле обязательно для заполнения
Телефон:
*
это поле обязательно для заполнения
Область ввода:
*
это поле обязательно для заполнения
Галочка
*
Спасибо! Форма отправлена